АҚШ Адлия вазирлиги General Motors компаниясини автомобилларнинг ўт олдириш тизимидаги носозликни қасддан яширганликда гумон қилмоқда. The New York Times’нинг ёзишича, камида 104 кишининг ўлимига сабаб бўлган мазкур носозлик ортидан компанияга рекорд даражада катта жарима солиниши мумкин.
Нью-Йорк прокуратураси ва Федерал тергов бюросининг бир йилдан ортиқ давом этган суриштирувлари маълумотларига кўра, General Motors 2009 йилда ўзини банкрот деб топилиши вақтида автомобилларнинг ўт олдириш тизимида носозлик борлиги ҳақидаги ахборотни яшириб, қонунни бузган.
Ҳозиргача General Motors’нинг 2014 йилда ишдан олинган ходимлари тергов қилинган. Прокурорлар General Motors ўз айбини тан олиши учун автоконцерн вакиллари билан музокаралар олиб бормоқда. Қайд этишларича, компаниянинг тергов билан ҳамкорлик қилишга тайёрлиги жазони енгиллаштириши мумкин.
Нашр маълумотларига кўра, General Motors’га миқдори 1,2 миллиард доллардан ошиб кетиши мумкин бўлган жарима солиниши мумкин. Ўтган йили Toyota компанияси истеъмолчиларни алдагани ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этмагани учун шунча миқдордаги жаримага тортилганди.
Изоҳ (0)