АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ ходими Жеффри Стёрлинг Америка разведкасининг Эрон ядро дастурини барбод қилишга қаратилган операцияси ҳақидаги махфий ахборотни фош қилгани учун 3,5 йилни қамоқда ўтказади, дея хабар бермоқда «Коммерсант».
Бундай қарорни Виржиния штати пойтахти Александрияда бўлиб ўтган суд жараёнида округ судьяси Леони Бринкем қабул қилди.
Январда маслаҳатчилар иштирокидаги суд мажлиси 47 ёшли Стёрлингни тўққизта банд, жумладан махфий маълумотларни New York Times газетаси журналисти Жеймс Райзенга бериб юборганликда айбдор деб топган эди. У 2000 йилда ўтказилган МРБ операциялари ҳақида «Уруш ҳолати» китобини ёзган, бироқ барча зарур ахборотни Стёрлингдан эмас, бошқа одамлардан олганлигини таъкидлаган.
Шу билан бирга, Райзен судда гувоҳ сифатида қатнашишдан бош тортди ва ўз манбаси исмини айтмаслигини маълум қилди. Касбида кўрсатган жасорати ва матбуот эркинлиги тамойилига содиқлиги учун АҚШ Газета гильдияси мукофотини қўлга киритган журналист қамоқда ўзи ўтириб чиқишга тайёр эди, бироқ адлия вазирлиги жамоатчилик босими остида уни тергов қилишни тўхтатди.
Изоҳ (0)