Наманган вилоятининг Поп туманидаги Чодоқ қишлоғида болалар учун маданият ва истироҳат боғининг қурилиши давом этмоқда, деб хабар беради Uzbekistan Today.
Хиёбон ҳудуди 1 гектар майдонни қамраб олади, у олдин харобазор бўлиб ётган жойда қурилмоқда.
Боғ Чодоқсойга яқин ҳудудда жойлашган. Бу ерда қиш фаслида сув кам бўлади, шунинг учун қурувчилар биринчи навбатда баҳорда серсув сойга айланадиган Чодоқсойнинг қирғоқларини мустаҳкамлади.
Ҳозир безакли тўсиқлар ва равоқли дарвозани ўрнатиш ишлари якунланяпти. Тиббий пункт, усти ёпиқ стол тенниси майдони ва очиқ амфитеатр биноларининг пойдевори қўйилган.
Ободонлаштириш ишларини олиб бориш ҳам режага киритилган: арчалар, мажнунтоллар, манзарали тутлар, бир ва кўп йиллик гуллар боғ кўркига янада кўрк бағишлайди.
Чодоқ қишлоғидаги маданият ва истироҳат боғи 1 июлда очилиши режалаштирилган.