Грузия пойтахти Тбилисида 30 апрель куни ҳукумат қароридан норози бўлган намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар бўлди. Бу ҳақда “ТАСС” нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, Тбилиси марказидаги парламент биноси яқинида хорижий агентлар ҳақидаги қонунга норозилик билдирган намойишчилар тўпланган. Полиция уларни тарқатишга ҳаракат қилган. Оқибатда эса тўқнашувлар юзага келган.
Депутатлар учун бинодан чиқиш йўлини тўсиб қўйишга уринган бир неча намойишчилар ҳибсга олинган. Журналистлар бинога ходимлар кириш жойи яқинидаги ҳудуддан ҳайдаб чиқарилган.
30 апрель куни мамлакат қонуншунослари чет эл агентлари тўғрисидаги қонунни муҳокама қилган. Аммо лойиҳа тасдиқланмаган. Муҳокама 1 май куни давом эттирилиши маълум қилинган.
17 апрель куни Грузия парламенти хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаган эди. Бунга дастлаб Грузия президенти Саломе Зурабичвили, кейинроқ эса мухолифат ва Ғарб дипломатлари қарши чиққан. Расмийлар бу қарорни мамлакатнинг Европа Иттифоқига интеграциялашувига тўсиқ сифатида кўришган.
Душанба кунидан бери Тбилисида мухолифат ва фуқаролик фаоллари қонун лойиҳасига қарши митинглар ўтказмоқда. Ҳукумат қаршилигига қарамай, намойишлар тўхтамаган.
Изоҳ (0)