Шарқий Қозоғистон вилоятида истиқомат қилувчи аёл Қозоғистон президенти сайлови куни туғилган ўғлига Нурсултон деб исм қўйди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Чақалоқнинг онаси Элмира Сержанованинг сўзларига кўра, у туғуруқхонадан туриб сайловда қатнашган – сайлов комиссияси аъзолари бу ерга кўчма саватни олиб келишган.
«Мен Нурсултон Назарбоевни ҳақли ғалаба билан табриклайман. Мен унга бошидан ишонгандим. Фарзандим ҳали ҳомиланинг ичида бўлган вақтидаёқ мен билан бирга мамлакатнинг муносиб раҳбари учун овоз берди», - деди Сержанова.
Хабар беришларича, ота-она ўйлаб ўтирмай унга Нурсултон деб исм қўйган. Чақалоқ 4,2 кг вазн ва 56 см бўй билан туғилган. Шифокорларнинг сўзларига кўра, чақалоқ ва ёш она ўзини яхши ҳис қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 26 апрель, якшанба куни Қозоғистонда навбатдан ташқари президент сайлови бўлиб ўтди. Унда амалдаги президент Нурсултон Назарбоев 97,75 фоиз овоз билан навбатдаги муддатга сайланди.
Изоҳ (0)