АҚШнинг Мэриленд штатидаги Балтимор шаҳри кўчаларида АҚШ Миллий гвардиясининг илк бўлинмалари пайдо бўлди, деб хабар қилади Fox News.
Махсус бўлинма жангчилари тартибсизликлар авж олган шаҳарга 28 апрель, сешанба куни ярим тундан сўнг етиб келди.
27 апрель куни тунда мэр Стефани Ролингс-Блейк комендантлик соатини жорий қилди ва аҳолига тунги ўндан тонгги бешгача кўчага чиқишни тақиқлади.
Эслатиб ўтамиз, қ ўлга олинган қора танли эркакнинг ўлимидан кейин келиб чиққан норозилик туфайли полиция ва маҳаллий аҳоли ўртасида яна тўқнашувлар бошланганидан сўнг Мэриленд губернатори Лари Хоган 27 апрель куни фавқулодда ҳолатни жорий қилганди. Шу кечанинг ўзидаёқ штат ҳукумати Балтимордаги тартибсизликлар билан курашиш учун ёрдам кучи чақиришга қарор қилди.
Полиция вакили Уильям Палоццининг сўзларига кўра, штатнинг 500 нафар полициячиси ёрдам учун Балтиморга юборилган.
Миллий гвардия вакили эса ўз навбатида бўлинма жангчилари шаҳарда тартиб ўрнатаётганда, «ўзларини ва одамларни ҳимоя қилиш учун» қуролланишларини журналистларга маълум қилди.
Ҳукумат 25 ёшли афроамерикалик Фредди Грейнинг ўлими юзасидан тергов ишлари олиб боришга ваъда берди.
Изоҳ (0)