АҚШ президенти Барак Обама жума куни Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдул Азиз ас-Сауд билан телефон орқали суҳбатлашиб, Ямандаги вазиятни муҳокама қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
«Обама қирол билан Ямандаги сўнгги ҳодисаларни муҳокама қилди. Суҳбат давомида яқинда БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан қабул қилинган Яман бўйича резолюция, шунингдек, Ямандаги сиёсий ўтиш жараёнини қайта бошлаш доирасида кўриладиган кейинги чоралар борасида ҳам фикр алмашилди», - дейилади Оқ уй томонидан эълон қилинган баёнотда.
Икки давлат раҳбарлари «умумий мақсад – Яманда узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш, БМТ воситачилигида барча томонлар билан олиб бориладиган музокаралар орқали сиёсий қарор қабул қилишдан иборат» деган хулосага келишган. Суҳбат давомида АҚШ президенти ҳам, Саудия Арабистони қироли ҳам «яманликларнинг гуманитар эҳтиёжларига эътибор қаратиш зарурлигини» қайд этишган.
Аввалроқ, БМТ Хавфсизлик кенгаши исёнчи-шиаларга қурол-яроғ ва ҳарбий ускуналар етказиб беришни тақиқловчи резолюцияни қабул қилганди. Иордания, АҚШ ва Буюк Британия томонидан овозга қўйилган ҳужжат Хавфсизлик кенгашининг 14 аъзоси, хусусан, Хитой ва Венесуэла томонидан ҳам маъқулланди. Россия бу жараёнда бетараф қолди.
БМТнинг сўнгги маълумотларига кўра, Ямандаги жанговар ҳаракатлар давомида 19 мартдан 13 апрелга қадар камида 767 киши ҳалок бўлган, яна 2906 киши яраланган. Низо 15,9 миллион кишининг ҳаётига даҳл қилган, 334 мингдан ортиқ аҳоли ўз уйини ташлаб чиқишга мажбур бўлган, яна 254 минг киши қўшни мамлакатларга қочиб ўтган.
Изоҳ (0)