Урганч шаҳрида қонунга хилоф равишда валюта қимматликларини олиш ва ўтказиш билан шуғулланиб келаётган шахсларни аниқлаш юзасидан ўтказилган тадбирда она-боланинг қилмиши фош этилди, деб хабар беради «Ҳуқуқ» газетаси.
Улар «Марказий деҳқон бозори» МЧЖ ҳудудида тадбирга жалб қилинган фуқародан 305 минг сўмга қайта сотиб, фойда кўриш мақсадида 100 АҚШ долларини сотиб олган пайтда департамент ходимлари томонидан ушланди.
Уларнинг ёни холислар иштирокида кўздан кечирилганда фарзанддан 3 миллион 516 минг сўм пул, онасидан эса 500 минг сўм, 500 АҚШ доллари, 2000 Россия рубли ва 1000 қозоқ тенгеси топилди. Шунингдек, йигитга тегишли Matiz русумли автомашина салонида 15 миллион 500 минг сўм ва юкхонасидан 6 миллион сўм пул борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Ушбу ҳолат бўйича она-болага нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалаир асосида жиноят иши қўзғатилиб, судда кўриб чиқилди. Суд ҳукми билан йигит энг кам ойлик иш ҳақининг 75 баравари, онаси эса энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробари миқдорида жарима жазосига тортилди. Ашёвий далил сифатида олинган пул ва автомобиль давлат ҳисобига ўтказилди.