Тошкент шаҳридаги «Шодлик Палас» меҳмонхонасида шахмат бўйича Ўзбекистоннинг биринчи гроссмейстери Георгий Агзамов хотирасига бағишланган халқаро турнир давом этмоқда. Бу йил ўз тарихида 9-маротаба ўтказилаётган мусобақада кеча, 15 март куни 5-тур учрашувлари бўлиб ўтди, деб хабар беради «Olamsport.com».
Ушбу турда турнир жадвали пешқадамлари ўзаро муносабатларига ойдинлик киритиб олди. 5-тур олдидан турнир жадвалида пешқадамлик қилган Ўзбекистон вакили Алексей Барсов қора доналарда испаниялик Олег Корнеев билан дуранг қайд этди. Корнеевнинг рейтинги Барсовдан анча юқори эканлиги диққатга сазовор ҳолат.
Россиялик гроссмейстер Владислав Артемев қора доналарда ўйнашига қарамай, яна бир Ўзбекистон вакили Владимир Елгинни таслим этди ва 4,5 очко билан 1-ўринга кўтарилиб олди.
Кучли ўйин намойиш этаётган ўзбекистонлик Темур Игонин эса ўзи сингари 3 очкога эга бўлиб турган Жамшид Шодиқуловдан устун келиб, 4 очко билан 2-ўринга кўтарилиб олди. Кучли учликда бораётган Алексей Барсов ҳисобида ҳам 4 очко бор. Бугун халқаро хотира турнирида дам олиш куни сифатида эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, жами 76 нафар шахматчи қатнашаётган халқаро хотира турнирининг умумий мукофот жамғармаси 20 минг АҚШ долларини ташкил этади. Ғолиб шахматчи 4 минг долларга эга бўлади. Кучли учликдан жой олган шахматчиларга мос равишда 3 ва 2 минг доллар мукофот пули тақдим этилади.
Изоҳ (0)