2014 йил 16 июль куни Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг Қулбурун қишлоғидаги хонадонлардан бирида кўтарилган жанжал фожиа билан якунланди, деб хабар беради «Ҳуқуқ» нашри.
Хонадон келини турмуш ўртоғининг уйидан ўзига тегишли нарсаларни олиш ҳақидаги суд қароридан сўнг шу куннинг ўзидаёқ онаси ва укаси билан хонадонга келди. Келин уйдаги ўзига тегишли нарсаларни бирин-кетин машинага орта бошлади. Тўсатдан аёл машинадан аррани олиб, ўзи экканлигини рўкач қилиб, ҳосилга кирган ёш дарахтларни кеса бошлади. Жазавага тушган жувон ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмай, хонадон эгаларини ҳақоратлашда давом этар экан, унинг онаси мол-мулк ичида хона ичкарисига йўл олади.
Хонадаги 3-4 метрли сув шлангини кўриб, олиб кетаётганини кўрган қайнотанинг сабр косаси тўлиб, шлангни ташлаб кетишни сўради. Бу вақтда келин ичкаридаги жанжални эшитиб, хонага кирди ва «Буни отамнинг уйидан олиб келганман», дея қайнотасини ҳақоратлай бошлади. Бунга чидай олмаган қайнота эса жаҳл билан деворга қадалган пичоқни олиб, келинининг орқасига санчади. Кучли оғриқдан шлангни унутган келин ташқарига югуриб чиқиб, уйига жўнаб кетади.
Кечки пайт ҳовлига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари келиб, келиннинг вафот этганини маълум қилади.
Жиноят ишлари бўйича вилоят суди томонидан қайнота 15 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Изоҳ (0)