Фарғона вилоят прокуратураси бўлим прокурорининг «Ҳуқуқ» нашри орқали маълум қилишича, кўп вақтини интернетда ўтказишга одатланган 18 ёшли қиз отасининг танбеҳларидан тўйиб, унинг жонига қасд қилган.
Қайд этилишича, айбига иқрор бўлган қиз воқеа содир бўлишидан бироз аввал телефонда гаплашаётганида отасининг «кимга илашдинг» дея тергаб, сўкиб, юзига 2 бор шапалоқ тортиб юбориши унинг сабр косасини тўлдирган. Хонадондагилар ухлаётганидан фойдаланган қиз укасини алдаб, дўконга чиқариб юборгач, отаси ётган хонага кириб, «болта билан бир марта бўйнига, қимирлаганида яна икки бор бошига» урган.
Ён томонда турган сейфнинг калитига кўзи тушган қиз бошқалар «бегоналар кириб, ўлдириб, пулни олиб чиқиб кетган» деб ўйлаши учун сейфдаги пулларни олиб, орқа ҳовлига ўтган ва уларни ҳаммомга яширган. Шундан сўнг, онасини уйғотиб, кимдир хонадондан югуриб чиққани, дадасининг хонасига кирса, ҳаммаёқ қонга беланганини кўрганини айтган.
Бўйни, пешонаси чопилган ота тезда қўшнилар билан машинада касалхона томон олиб кетилган. Бироқ, қайд этилишича, жабрланувчи касалхонага етиб бормаган: йўлда жони узилган.
Хонадонга етиб келган ИИБ, тезкор-тергов гуруҳи ходимлари ҳаракати билан айбдор топилди. Суд ҳукми билан нобакор фарзанд 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Изоҳ (0)