Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси расмий сайтида маълум қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 февралдаги ПҚ-2133-сонли Қарори билан тасдиқланган «Соғлом бола йили» Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган мазкур Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2014 йил 18 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилган эди. Қонун лойиҳасига Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси масъул этиб белгиланди.
Қонун лойиҳасининг асосий мақсади аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш, соғлом ва етук авлодни тарбиялаш мақсадида йодланган ош тузини ишлаб чиқариш, сотиш ва истеъмол қилиш соҳаларидаги муносабатларни тартибга солишни янада кучайтиришдан иборат.
Шу муносабат билан «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11 ва 15-моддаларига ўзгартиш киритиш юзасидан қонун лойиҳаси тайёрланган.
Ушбу ўзгартишлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига фақат йодланган ош тузини олиб кириш, уни ишлаб чиқариш, сотиш ва истеъмол қилиш соҳасида самарали ҳуқуқий ва ташкилий асосларни яратишга ҳамда аҳолини фақатгина йодланган ош тузи билан таъминлашга қаратилган.
Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан кўриб чиқилиб, Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партия фракциялари ҳамда Экоҳаракат депутатлар гуруҳидан қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш учун қабул қилиш мумкинлиги тўғрисидаги хулосалари олинди ҳамда Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Изоҳ (0)