2015 йилнинг 9 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундида иштирок этиш учун Тошкент шаҳрига келган Япония Ташқи ишлар вазирлигининг Марказий Осиё ва Кавказ ишлари бўйича Махсус вакили, Европа ишлари бўйича Буро бош директори ўринбосари Акира Мутони қабул қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида хабар берилди.
Суҳбат давомида икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари, баъзи халқаро ва минтақавий муаммолар муҳокама қилинди.
Учрашув чоғида томонлар Ўзбекистон — Япония мулоқотининг жўшқин тус олаётганлигини мамнуният билан тасдиқлади.
Ўзбекистон ва Япония ўртасида турли соҳаларда самарали ҳамкорликнинг катта тажрибаси орттирилган ҳамда Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнотга асосланган мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий негиз яратилган.
Икки давлатда ҳам 27 январь куни Токио шаҳрида бўлиб ўтган иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Япония ва Япония — Ўзбекистон қўмиталарининг қўшма йиғилиши натижаларини юқори баҳоланади. Ушбу йиғилиш доирасида сармоя ва кредит келишувлари, техник кўмак лойиҳаларидан иборат жами 3,8 миллиард АҚШ долларига тенг йирик битимлар имзоланди.
Учрашувда маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги эътироф этилди.
Шу куннинг ўзида Ташқи ишлар вазирлигида икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтди.
Музокараларда Япония Элчиси Фумиҳико Като иштирок этди.
Изоҳ (0)