Эстония президенти Тоомас Хендрик Ильвес Sky News телеканалидаги тўғридан-тўғри эфирда телебошловчи уни фамилияси билан атамагани учун ўзига уланган микрофонни олиб ташлаб, интервьюни тўхтатди. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
Sky News бошловчиси Эстония етакчисига Украинадаги танглик фонида Россия томонидан бўладиган эҳтимолий хавф ҳақида савол берар экан, унинг исмини икки марта чалкаштириб юборди. Дастлаб бошловчи Эстония президенти Тоомас Хендрикни тўғридан-тўғри эфирда таништирди, шундан сўнг у билан «Хайрли тонг, президент Хендрик…» — дея саломлашди. Президент эса қуруқ кулимсираб, британиялик телебошловчини тингламай қўйди, қулоғи орқасидан ўтказилган микрофонни ечиб ташлади ва кўзойнагини олиб, исм-шарифи нотўғри айтилгани учун телеканалнинг кадр ортидаги ходимларига танбеҳ бера бошлади.
Шундан сўнг Эстония президенти бир неча сония жимжитликда туриб қолди. «Узр сўраб қоламан, биз Эстония президенти билан суҳбатлаша олмаймиз шекилли, келинг сизга об-ҳаво ҳақида қисқача маълумот бераман», — деди телеканал бошловчиси, президент билан тўғридан-тўғри эфир эса узилди.
Изоҳ (0)