Франциянинг Charlie Hebdo ҳафтаномасида Муҳаммад (с.а.в) пайғамбар ҳақидаги карикатураларнинг чоп этилиши цивилизациялар орасида ихтилофни юзага келтиришга уринишдир. Покистон Ташқи ишлар вазирлигининг ушбу позициясини муассаса расмий вакили Тасним Аслам маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС.
«Президент ва бош вазир Покистон халқи билан биргаликда Муҳаммад (с.а.в) пайғамбарга чизилган карикатураларни қаттиқ қоралайди. Карикатуралар бутун дунёдаги мусулмонларнинг туйғуларини қаттиқ ҳақоратлади», − деди у.
Шунингдек, Тасним Аслам Покистон сўз эркинлигини ёқлашини, бироқ бу тамойил диндорларнинг ҳиссиётларини ҳақоратлаш учун ишлатилмаслиги лозимлигини таъкидлади. Қайд этилишича, 16−18 январь кунлари Покистоннинг барча йирик шаҳарларида ушбу карикатураларга қарши оммавий норозилик намойишлари ўтказилган.
Изоҳ (0)