АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА) Sony Pictures кинокампаниясига нисбатан уюштирилган катта ҳажмдаги хакерлик ҳужумини текшириб, Оқ уйга бу борада КХДРни расман айблашга имкон ҳосил қилиб берди, деб хабар бермоқда «РБК».
The New York Times хабарига кўра, МХА Шимолий Корея компьютер тизимларини 2010 йилдан буён кузатади. Бунинг учун МХА КХДР киберҳудудини ташқи дунё билан боғлайдиган Хитой серверларига кирган. Бунда уларга Жанубий Корея ва бошқа иттифоқчилар ёрдам берган. Одатда разведка маълумотларига ишонмайдиган Барак Обама ҳам Sony Pictures’га ҳужум борасида уларга ишонгани қайд этилган.
Шимолий кореялик олти мингга яқин хакерларнинг аксарияти Бош разведка бюросига бўйсуниши айтилган. Улар кинокомпанияга киберҳужум уюштириш учун икки ой уринган. Тизимга оид маълумотларни ўғирлашга муваффақ бўлингачгина улар ҳужумни тўлиқ ҳажмда амалга оширган. Ҳужум нима учун бунчалик катта масштабда уюштирилгани махсус хизматлар учун ҳалигача сирлигича қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Шимолий Кореяни 2014 йил декабрь ойи сўнгида эфирга чиқарилган Ким Чен Инга суиқасд уюштирилиши ҳақидаги фильмга жавобан Sony Pictures кинокомпаниясига хакерлик ҳужуми уюштирганликда айбланмоқда. Шу аснода 2015 йил бошида Вашингтон КХДРга нисбатан янги санкциялар ҳам жорий этди.
Изоҳ (0)