2016 йилда Ер аҳолисининг дунёнинг энг бой кишиларидан иборат бир фоизига инсониятнинг қолган 99 фоизига қараганда кўпроқ мол-мулк тегишли бўлади. Бу ҳақда Oxfam хайрия гуруҳи маълумотларига таяниб, «Ведомости» хабар бермоқда.
2009 йилда энг бой кишиларнинг бир фоизига дунё бойлигининг 44 фоизи, 2014 йилда эса 48 фоизи ёки ҳар бир кишига ўртача 2,7 миллион доллар тўғри келган. Қолган 52 фоиз бойликнинг 46 фоизи бадавлат кишиларнинг бешдан бир қисмида йиғилган. Қолган кишилар ҳиссасига ўртача 3851 доллардан тўғри келади.
Ҳозирги тенденция сақланиб қолса, 2016 йилга келиб, уларда дунёдаги бойликнинг 50 фоиздан ортиғи бўлади.
«Мол-мулк тенгсизлигининг бундай изчиллик билан ўсиши қашшоқликка қарши курашга халал бермоқда», — дейилади ташкилот маърузасида. Oxfam тенгсизликнинг ўсиб боришини тўхтатиш бўйича чоралар кўрилишига эришмоқчи. Хусусан, у давлатларни солиқларни тўлашдан бош тортаётган компанияларга қарши курашни кучайтиришга чақиради.
Изоҳ (0)