Ўзбекистон гуруҳнинг 3-турида Саудия Арабистонини мағлуб этиб (3:1), чорак финалда Жанубий Корея билан баҳс олиб борадиган бўлди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Анзур Исмоилов бу борада ОФК расмий сайтига интервью берди, деб хабар бермоқда «Stadion.uz».
«Жанубий Кореяга қарши ўйин қийин бўлади, лекин кўрамиз, ким ўйинга кўпроқ тайёр бўлиб, якунда ғалаба қозонар экан. Жанубий Корея терма жамоаси жуда тартибли ўйнайди ва улар меҳнаткаш. Шу боис ўйин осон бўлмайди. Майдонга чиқиб, уларга қарши энг яхши ўйинимизни намойиш қиламиз», — деди 29 ёшли Анзур.
Ўзбекистон терма жамоаси Кореяни бир марта 1994 йилги Осиё ўйинларида мағлуб этган, холос. ЖЧ — 2014 саралаш босқичида Тошкентдаги ўйин 2:2 ҳисоби билан якунланган бўлса, Сеулда кореяликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Азиз Ҳайдаров ҳам рақиб ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Жанубий Корея Осиёнинг топ-жамоаси ҳисобланади. Биз уларнинг Австралияга қарши ўйинини кўрдик. Бу жамоани ютиш қийин бўлади. Шубҳасиз, бизда ҳам имконият бор. Барча жамоалар имкониятга эга. Биз Кореяга қарши майдонга чиқиб, ижобий натижага эришишга ҳаракат қиламиз», — деди Азиз Ҳайдаров.
Изоҳ (0)