Ўтган давр мобайнида Навоий вилоятида халқаро ва давлат аҳамиятига молик янги йўллар қурилди, мавжудлари тубдан реконструкция қилинди. Бошқача айтганда, цемент-бетон, асфальт-бетон, тош-шағал қопламали йўллар икки баробар кўпайди, деб хабар бермоқда «Халқ сўзи» газетаси.
«Навоиявтойўл» ҳудудий йўллардан фойдаланиш корхонасида меҳнат қиладиган салкам 1400 киши воҳа ҳудуди, жумладан, Қизилқум кенгликларида амалга оширилаётган йўлларни таъмирлаш, қайта қуриш, янгидан бунёд этиш каби бунёдкорлик юмушларида сифат ва самарадорликни оширишга ҳаракат қилмоқда. Фақат жорий йилда қурилиш-монтаж ишларини бажаришда 2013 йилнинг шу давридагига нисбатан қарийб 30 фоиз ўсишга эришилди.
«Вилоят ҳудудидаги халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларини тўла таъмирлаш бўйича еттита объектда иш олиб борилмоқда, — деди корхона бош мутахассиси Дилшод Пирназаров. — Шу билан бирга, Ягона буюртмачи инжиниринг компанияси буюртмасига мувофиқ, маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўлларидаги саккизта объект ва бешта кўприкда ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга ошириляпти».
Яқинда Навоий шаҳрининг Навоий ва Низомий кўчалари кесишувидан катта автомобиль йўлига туташувчи 3,4 километрлик янги йўл фойдаланишга топширилди. Уч йил мобайнида бу ерда қарийб 11 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, турли хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчалари фаолияти йўлга қўйилди. Бундан ташқари, замонавий қиёфа касб этган бешта кўприк бунёд этилди.
69 километрлик халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўллари эса Навоий кўприк хўжалигини сақлашга ихтисослаштирилган таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси тасарруфидадир.
Вилоят ҳудудидаги йўл қурилиш-таъмирлаш ишларида 250 дан ортиқ турли техника имкониятларидан фойдаланилмоқда. Биргина шу йилнинг ўзида корхонанинг Кармана, Нурота, Навбаҳор, Учқудуқ, Қизилтепа ва Хатирчи туманлари йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-фойдаланиш ҳамда Навоийдаги кўприк хўжалигини сақлашга ихтисослаштирилган таъмирлаш-фойдаланиш корхоналарининг техника парки экскаватор, автосамосвал, юклагич, йўлсозлик ва сув сепиш машиналари каби 17 та техника воситаси ҳисобига кенгайтирилди. Бунёдкорлик юмушларининг ўз вақтида, сифатли бажарилишида, шунингдек, мавжуд еттита асфальт-бетон цехининг тўла қувват билан ишлаётгани ҳам катта аҳамият касб этмоқда.
Изоҳ (0)