Нуробод тумани «Халқобод» маҳалла фуқаролар йиғинида Самарқанд вилояти ҳокими З. Мирзаевнинг навбатдаги кўчма қабули уюштирилди, деб хабар бермоқда ҳокимлик расмий веб-сайти.
Туман аҳолиси билан ўтказилган учрашувда вилоят ҳокими фуқароларнинг йигирмадан ортиқ мурожаатларини тинглади, уларни қийнаётган муаммоларнинг ечими бўйича тегишли корхона ва ташкилотлар мутасаддиларига топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Нуробод тумани аҳолиси анча йиллардан буён архив ишлари билан боғлиқ масалаларда Пастдарғом туманига қатнаб, сарсон бўларди. Қабул давомида нурободликларнинг ушбу муаммоси ечиладиган бўлди. Вилоят ҳокими Нуробод шаҳрида Пастдарғом туман архиви филиалини ташкил қилиш, штатлар масаласини ҳал этиш, бино билан таъминлашни вилоят архив бошқармаси ва туман ҳокимига вазифа қилиб берди.
Шунингдек, мулоқот давомида туманнинг Қиличли маҳалласидаги мактабгача таълим муассасаси фаолиятини қайта тиклаш, 8-умумтаълим мактабида спорт зали қуриш, Нурбулоқ, Ағрон, Кечкелдик, Жом маҳаллалари аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, «Самарқанд» кинотеатри фаолиятини яхшилаш каби мурожаатлар кўриб чиқилди.
Қабул сўнгида вилоят ҳокими жойлардаги муаммо ва камчиликларни бартараф этишда жамоатчилик назоратининг аҳамияти катталигини таъкидлаб, аҳоли турмуш фаровонлигининг янада юксалишига хизмат қилувчи омиллар албатта топилишига тўхталди.
Изоҳ (0)