Бугун, 25 ноябрь куни эрталаб АҚШнинг Миссури штати Сент-Луис суди прокурори Боб Маккалок август ойида 18 ёшли қоратанли ўсмирни отиб қўйгани учун қамоққа олинган полициячи Даррен Уилсоннинг оқланганини маълум қилди. Бу ҳақда «Lifenews.ru»га таяниб, «Кун» хабар бермоқда.
Шу йилнинг 9 август куни Фергюсон шаҳарчасида ҳудуд полициячиси 18 ёшли Майкл Браунни ўғриликда гумон қилиб отиб ташлаган, ўшанда полициячи ўсмирга қарата олти марта ўқ узган эди. Лекин суд бу ишда айбланувчини жазолаш учун далиллар етарли эмас деб топди ва уни қўйиб юборди.
Натижада, Фергюсон шаҳарчасида юзлаб одамлар норозилик билдириб, кўчаларга чиқди ва полиция биноси атрофига тўпланди.
Мамлакат президенти суднинг қарорини қўллаб-қувватлаб, одамларни намойишларни тўхтатишга чорлаб қилган чиқиши ҳам фойда бермагач, ҳудудга учта зирҳли машина билан жазоловчи кучлар жўнатилди. Жазо гуруҳи тўпланганларга қарата резина ўқлар ва кўздан ёш оқизувчи газлар қўллагач, одамлар тарқалди. Лекин шаҳарда ҳали ҳам фавқулодда ҳолат сақланиб қолмоқда.
Қайд этиб ўтиш жоиз, Фергюсон шаҳарчасидаги 21 минглик аҳолининг асосий қисми афроамерикалик ҳисобланиб, улар полициячи Даррен Уилсоннинг қилмишини ирқчилик ҳаракати сифатида баҳоламоқда.
Изоҳ (0)