Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 21 ноябрь куни Оқсаройда Швейцария Конфедерацияси Президенти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) амалдаги раиси Дидье Буркхальтер билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Президент Ислом Каримов олий мартабали меҳмонни Ўзбекистонга ташрифи билан қутлар экан, Ўзбекистон Швейцарияга ишончли ҳамкор, жаҳон сиёсатида муҳим ўрин тутувчи, умумеътироф этилган халқаро иқтисодий ва молиявий марказ сифатида қарашини таъкидлади.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон — Швейцария муносабатларининг муҳим масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Икки мамлакат ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорлик бўйича катта тажриба тўплангани, мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий асос яратилгани таъкидланди.
Шу билан бирга, ҳар иккала мамлакатнинг мавжуд салоҳияти ўзаро манфаатли бўлган барча соҳаларда ҳамкорликни изчил кенгайтириш имконини бериши қайд этилди.
Учрашувда таъкидланганидек, минтақавий ва халқаро миқёсдаги сиёсатга оид кўплаб масалалар бўйича Ўзбекистон ва Швейцариянинг позицияси яқин ёки ўхшаш экани БМТ, ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик учун қулай шароит яратмоқда.
Ўзбекистон Швейцариянинг 2014 йилда ЕХҲТга раислигини қўллаб-қувватлаган эди. Президент Дидье Буркхальтер ЕХҲТга раисликнинг дастлабки якунлари бўйича ўз фикрини баён қилди.
Учрашувда долзарб халқаро масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)