«Локомотив» бош мураббийи Вадим Абрамов Ўзбекистон Кубоги финалида «Бунёдкор» устидан қозонилган 1:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди, деб хабар бермоқда Uff.uz.
Вадим Абрамов учрашув давомида ўйинчи алмаштиришга шошилмаганлигини изоҳлар экан, футболчилар чарчаб қолганини сезмаганини қайд этди: «Ўйинчи алмаштириш чўзилганига сабаб шундаки, ўйин 120 дақиқа давом этиши мумкинлигини сезгандик. Шу сабабли захира алмаштиришни ушлаб турдик. Боз устига жароҳатлар ҳам бўлиши мумкин эди».
Суҳбат давомида «Локомотив» бош мураббийи «Сиз ҳозир жуда зерикиб қолгандек кўринмоқдасиз. Агарда биз мағлубиятга учраганимизда саволлар ёғилиб кетиши тайин эди», — деб қайд этди.
Абрамов саволларга жавоб берар экан, «Ҳозир шундай таассурот пайдо бўлмоқдаки, ‘Локомотив’ бошқа етакчи клубларга қараганда матбуот эътиборидан четда қолиб кетаётгандек. Биз фақат шу томонлама бошқаларга имкониятни бой бермоқдамиз», — деб таъкидлади.
Шунингдек, мураббий келаси мавсумда янги ўйинчилар бўлиши, хусусан, ҳужумчиларга эҳтиёж бор эканлигини айтиб, ижодкор футболчиларга эътибор қаратилишини алоҳида қайд этди. «Биз ОЧЛда муносиб иштирок этишни ва юртимиз шарафини ҳимоя қилишни истаймиз», — деди Абрамов.
Изоҳ (0)