Россиянинг ветеринар ва санитар назорат бўйича Федерал хизмати («Росселхознадзор») Ўзбекистонга Россия орқали ноқонуний тарзда олиб киришга уринилган 20 тонна ёғсизлантирилган қуруқ сутни Украинага қайтарди. Бу ҳақда Федерал хизматнинг Брянск ва Смоленск областлари бўйича бошқармаси маълумотига таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
5 ноябрь, чоршанба куни Россиянинг Брянск областидаги «Троебортное» номли юк ва йўловчи автомобилларини ўтказиш пунктига Украинанинг «Қуруқ сут ишлаб чиқарувчи Рихал заводи» МЧЖнинг ёғсизлантирилган қуруқ сути келтирилди. Хабарда қайд этилишича, 20 тонналик юк билан бирга Украина Давлат ветеринар хизмати томонидан берилган ветеринарлик гувоҳномаси ҳам бўлган.
«Росселхознадзор» томонидан олиб борилган назорат вақтида ветеринарлик гувоҳномасида жўнатувчи, юк характери ва элтиш шароитлари ҳақида маълумот берилмагани аниқланди. Федерал хизматнинг таъкидлашича, айнан шу қонунбузарликлар «юкни жўнатувчига қайтариш учун етарлича асос вазифасини ўтаган».
Аввалроқ, Брянск ва Смоленск областлари бўйича «Росселхознадзор» бошқармаси томонидан Тожикистонга Россия орқали ноқонуний тарзда олиб киришга уринилган 19,5 тонна парранда гўшти Украинага қайтарилгани хабар қилинган эди.
Изоҳ (0)