Тошкент вилояти Паркент туманида истиқомат қилувчи фуқаро эрта тонгда дўконини очиб қараса, орқа тарафдаги дераза ойнаси синдирилиб, панжараси бузилган. Жавонда қолдирилган пуллар эса йўқ, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг «Постда» газетаси.
Вазиятдан хабар топган ички ишлар бўлими тергов-тезкор гуруҳи ходимлари воқеа жойига етиб келиб, бармоқ изларини олгач, суриштирув ишларини бошлади, бироқ ҳаракатлар зое кетди.
Жиноятни амалга оширган шахслар эса бу вақтда дўкондан ўмарган 800 минг сўмини айш-у ишратга сарфлаб тугатди ва навбатдаги жиноят режасини туза бошлади.
Ун савдоси билан шуғулланувчи фуқаро хонадонида ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, режани тузиб чиққан жиноятчи девор оша уйга кирди. Жавондан икки дона уяли телефон, аёллар сумкасидан 200 минг сўм пул ва кийимлар орасидан беш миллион сўм топиб, хонадон соҳибига жами олти миллион сўмга яқин зарар етказган ҳолда воқеа жойидан яширинди.
Кейинги ўғрилик туманнинг чекка маҳаллаларидан биридаги уйда содир этилди. Жиноятчилар хонадондаги матога ўралган пулларни олиб, жуфтакни ростлади.
Жиноий гуруҳ кейинги «иш»ини қўшни маҳалладаги уйда давом эттиришга келишиб, хонадонда ҳеч ким бўлмайдиган вақтни пойлади. Уй эгалари кетгач, жиноятчилардан бири ичкарига кириб, хоналардан 100 минг сўмдан ортиқроқ пулни топгач, ертўла қулфини буза бошлади. Шу пайт эшик очилиб, хонадон соҳибаси пайдо бўлди-ю жиноятчи саросимага тушиб қолди. Аёлнинг ёрдам сўраб қўшнисиникига югурганидан фойдаланган ўғри девор оша қочиб кетди.
Навбатдаги ўғрилик жиноятчилардан бирининг амакиси хонадонида содир этилиб, у ердан жиноий гуруҳ катта миқдордаги пул ва икки дона Чуст пичоғини ўғирлади. Моҳир ҳунармандлар томонидан ясалган пичоқларга Музаффар деб ўйиб ёзилган эди.
Паркент туманидаги кетма-кет ўғриликлар туман ИИБ ходимларини янада ҳушёрликка ундади. Улар жиноятлар содир бўлган жойлардан олган бармоқ излари айнан битта гуруҳга тегишли эканини аниқлади. Тумандаги кўп одам йиғиладиган жойлар, ошхона, ресторанлар кузатувга олиниб, суриштирув ишлари олиб борилди.
Турли суриштирув ишлари — уйида ўғрилик содир этилаётганда келиб қолган аёл, жиноятчилар тез-тез келиб турадиган ошхона ходимаси ва бошқалар берган гувоҳликлар ёрдамида жиноятлар режасини тузган шахснинг ташқи кўриниши ҳақида маълумот тўпланди.
Кунларнинг бирида бозорда суриштирув олиб бораётган ходим дўконда гўшт нимталаётган қассобнинг қўлида Музаффар деб ёзилган Чуст пичоғини кўриб, ҳушёр тортди. Қассоб пичоқни сотиб олган шахс қиёфаси ҳақида айтиб берганида, аввалги маълумотлар тасдиқланди.
Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида жиноятчи ва унинг шериклари қўлга олинди.
Изоҳ (0)