Ўтган йилнинг майида Самарқандда дунёга келган уч эгизаклар — Сабина, Сабрина ва Сафинанинг ота-онасига ваъда қилинган уй ҳали ҳам тақдим этилмади, деб ёзади «Самаркандский Вестник» газетаси.
Шаҳар ҳокимияти ўз уйига эга бўлмаган Азамат Раҳматов ва Азиза Ҳақбердиеванинг кўп фарзандли ёш оиласи учун алоҳида уй ажратишга ваъда берган эди. Таъкидлаш жоиз, оилада уч эгизакдан ташқари, яна бир қиз ва ўғил фарзандлар бор.
Техника фанлари номзоди Азамат Раҳматов турар жой билан боғлиқ ушбу масаланинг тез орада ҳал бўлишига умид қилиб қолди.
Газетада таъкидланишича, мазкур муаммони ҳал қилишга «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳисса қўшиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрда қабул қилинган «Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, «Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида кўп квартирали уйлар қуриш ҳамда мавжуд фойдаланилмаётган ва қурилиши тугалланмаган объектларни ёш оилалар учун кўп квартирали уйлар этиб реконструкция қилиш» белгилаб қўйилган.
Изоҳ (0)