Карим Жавлиев(исм-шарифлар ўзгартирилган) бошчилигидаги жиноий гуруҳ 2013 йилнинг июнь ойидан 2014 йилнинг 18 январига қадар беш дона турли русумдаги автомобилларни ўғирлаб, уларнинг эҳтиёт қисмларини ечиб олиб, Сирғали автомобиль бозорида пуллаб келган. Бу ҳақда «Олмалиқ ҳақиқати» хабар бермоқда.
Жиноий тўда дастлаб 2013 йил июнь ойи охирларида Чирчиқ шаҳрида жойлашган корхона атрофидаги автотураргоҳлардан бирида қаровсиз қолган ВАЗ 2106 русумли автомашинани олиб қочади. Четроққа олиб борилган автомашина жиноий тўда аъзолари Раҳим Асраев ва Толиб Абдиев томонидан обдон «тоза»ланади. Улар бу хатти-ҳаракатлари билан фуқаро У. Календаровга жами 2 800 000 сўм зарар етказади.
Биринчи «иш»ни ўз фойдасига ҳал қилган 24—28 ёшлар оралиғидаги йигитлар қулочни кенг ёзиб, бирин-кетин машина ўғирлашни бошлаб юборади.
Судда қайд этилган маълумотларга кўра, жиноий гуруҳ фуқароларга жами 12 миллион 854 минг сўм зарар етказган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи Карим Жавлиев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, беш йил-у олти ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Унинг жиноий шериги Раҳим Асраев ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, беш йил умрини панжара ортидан ўтказадиган бўлди.
Тўданинг кичик аъзоси Толиб Абдиев эса тўрт йил-у бир ой умрини сим тўр ортида ўтказади.
Изоҳ (0)