«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси борт кузатувчиси лавозимини эгаллашни истаган қизлар учун танлов эълон қилади. Танлов ҳақидаги батафсил маълумот компания расмий сайтида тақдим этилди.
Танловда 18—25 ёшдаги ўзбек, рус ва инглиз тилида сўзлаша оладиган, бўйи 157—175 сантиметр бўлган, бўйига мос вазнга эга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этиши мумкин. Номзодлар камида ўрта-махсус маълумотга эга бўлиши лозим.
Танловда иштирок этишни истаган қизлар 27 октябрдан 17 ноябрга қадар шанба ва якшанба кунларидан ташқари ҳар куни соат 09:00 — 12:00 оралиғида компаниянинг учиш мажмуасида ариза топшириши мумкин.
Танлов 2014 йил 27 ноябрь куни бўлиб ўтади. Унда номзодларнинг дунёқараши ва умумий билимига алоҳида эътибор қаратилади. Номзод қизлардан Ўзбекистон тарихи ва географияси, тарихий жойлар, тарихий ва миллий қаҳрамонлар ҳақидаги маълумотлар ҳамда жаҳон географиясини билиш талаб этилади.
Танловдан ўтган номзодлар тиббий кўрикдан ўтказилади.
Барча босқичлардан муваффақиятли ўтган қизлар миллий авиакомпаниянинг Тошкент шаҳридаги Ўқув-машғулот марказида таҳсил олади.
Танловнинг қолган шартлари ва номзодларга қўйилган бошқа талаблар билан миллий авиакомпаниянинг расмий сайтида танишиш мумкин.
Изоҳ (0)