Самарқанддаги «Элхолдинг» илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси таълим муассасалари учун ўқув-лаборатория жиҳозлари ишлаб чиқариш билан эътибор қозонган бўлса-да, кейинги йилларда корхонада тайёрланаётган уч ғилдиракли мотоциклларга ҳам талаб ортмоқда, деб хабар берди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Президентимизнинг 2011 йил 29 июлдаги «Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштириш бўйича 2011-2013 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришда корхона имкониятларини янада кенгайтирди. Мотоцикл учун бутловчи қисмларнинг аксарияти корхонанинг ўзида тайёрланмоқда. Айни пайтда йилига етти минг дона мотоцикл ишлаб чиқарилмоқда.
«Юк кўтариш қуввати 650 килограмм бўлган мазкур транспорт воситаси юз километр масофага 3 литр ёқилғи сарфлайди. Бу фермерлар учун жуда қулай. Шу боис маҳсулотимизга талаб тобора ортиб бормоқда. Янги турдаги мотоцикллар МДҲ мамлакатларига ҳам экспорт қилинмоқда», – деди корхона бош муҳандиси Шермамат Тожиев.
2015 йилдан бошлаб корхона «GM-Uzbekistan» компанияси билан ҳамкорликда мотоцикллар учун моторни шу ернинг ўзида тайёрлашни режалаштирмоқда. Маҳаллийлаштириш дастури асосида ҳозирда бирлашмада ғалла экиш сеялкаларини тайёрлаш ҳам йўлга қўйилди.