Оттавадаги парламент биносига номаълум шахс томонидан ҳужум қилинган вақтда бино ичида бўлган Канада Бош вазири Стивен Харпер бундай ҳужумлар билан унинг мамлакатини қўрқитиб бўлмаслигини маълум қилди, деб хабар бермоқда Euronews.
«Канадани қўрқитиб бўлмайди. Аксинча, бу бизнинг қатъиятимизни мустаҳкамлайди. Биз хавфсизлик хизматларимизнинг ҳаракатларини икки мартага оширамиз, таҳдидларни аниқлаш учун, ўз уйимиз − Канада хавфсиз бўлиши учун керакли барча чораларни кўрамиз. Бошқа давлатларда ўзларини ҳайвонлардай тутаётган ва буни бизнинг қирғоқларимизга ҳам етказишни истаётган террорчилик ташкилотларига қарши курашда бутун дунёдаги иттифоқчиларимиз билан ҳамкорликни ҳам икки мартага оширамиз», − деди Харпер.
22 октябрь куни номаълум шахс ҳарбий ёдгорлик олдидаги фахрий қоровул аскарларига қарата ўт очган, кўкрагидан жароҳат олган капрал Натан Серилло воқеа жойида ҳалок бўлган. Кейин эса парламент биносига ҳам ёриб кираётганда қўриқчилар томонидан жиноятчи отиб йўқ қилинган. Полиция иккала жиноятни ҳам бир киши амалга оширганини тасдиқламаган. Бундан бир кун олдин Канада ички террорчилик таҳдидини ўрта даражага ошганини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)