Бугун Мьянмада давом этаётган U-19 Осиё чемпионати чорак финали доирасида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таиландлик тенгдошларига қарши майдонга тушади. Ушбу ўйиннинг аҳамияти анча юқори, чунки мазкур баҳс ғолиби мусобақанинг ярим финалига чиқиш билан бирга 2015 йилда Янги Зеландияда бўлиб ўтадиган U-20 Жаҳон чемпионатига йўлланмалардан бирини қўлга киритади.
«Спорт» телеканалидаги манбамиз хабар беришича, Тошкент вақти билан соат 17:30 да бошланадиган ўйин телеканалда тўғридан-тўғри намойиш этиладиган бўлди. Аслида 17:00 дан бошлаб Олий лига доирасидаги «Пахтакор» − «Насаф» учрашуви тўғридан-тўғри олиб кўрсатилиб, Ўзбекистон ва Таиланд U-19 терма жамоалари ўйини 19:45 да ёзиб олинган ҳолда эфирга узатилиши режалаштирилган эди.
Бироқ ёшлар терма жамоамиз иштирокидаги ўйиннинг ўта муҳимлиги инобатга олиниб, телеканал режаларига ўзгартириш киритилди ва мазкур учрашув тўғридан-тўғри трансляция қилинадиган бўлди.
Изоҳ (0)