Жорий йилнинг 18—24 октябрь кунлари Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида жисмоний имконияти чекланган спортчилар ўртасида ПараОсиё ўйинлари ўтказилади. Мазкур мусобақаларда Ўзбекистон шарафини 27 нафар спортчимиз дзюдо, сузиш, енгил атлетика ва ўқ отиш спорт турлари бўйича ўтказиладиган баҳсларда ҳимоя қилади, дея хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси расмий сайти.
16 октябрь куни ПараОсиё ўйинлари иштирокчилари истиқомат қилаётган атлетлар шаҳарчасида Ўзбекистон байроғи кўтарилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Ушбу маросимда мамлакатимиз делегацияси ҳамда Осиё ўйинларининг ташкилий қўмитаси аъзолари иштирок этди.
ПараОсиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими эса 18 октябрь куни Инчеон шаҳридаги «Мунхак» стадионида маҳаллий вақт билан соат 17:45 да (Тошкент вақти билан соат 13:45 да) бошланади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ПараОсиё ўйинларида 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган Паралимпия ўйинларининг лицензиялари ўйналади.
Изоҳ (0)