Венесуэла Вазирлар кенгаши мажлисида чиқиш қилган президент Николас Мадуро АҚШ Россия ва Венесуэлага зарар етказиш учун нефть нархини пасайтираётганини айтиб ўтди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
«АҚШ ва унинг баъзи иттифоқчилари қай мақсадда нефтнинг нархини туширмоқда? Йирик нефть ишлаб чиқарувчилар бўлган Россия ва Венесуэлага зарар еткаиш учун», − деди Мадуро. Шунингдек, Венесуэла президенти нефть нархлари тез орада тикланишига аминлигини айтиб, Каракас бу масалада ОПЕК ташкилотининг фавқулодда йиғилишини чақиришни талаб қилганини эслатиб ўтди.
Маълумот учун, ўтган ҳафтада Венесуэла нефтининг бир баррели 82 долларни ташкил этди, бу аввалги ҳафтадан уч долларга кам демакдир. Экспертлар кетма-кет бешинчи ҳафта нарх пасайганини қайд этган. Ўртача йиллик нарх эса 95 долларни ташкил қилган бўлиб, бу тахмин қилинган 60 долларлик нархдан анча юқоридир. Ўтган йилда ўртача нарх 99 долларга тенг бўлган.
Суткасига 3 миллион баррель нефть қазиб чиқариб, ундан 2,5 миллион баррелини экспорт қиладиган (асосан АҚШ ва Хитойга) Венесуэла нефть экспорти бўйича жаҳонда бешинчи ўринда туради.
Изоҳ (0)