Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Минскда бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши саммитида Украинадаги аҳвол юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтди. 9-10 октябрь кунлари бўлиб ўтган саммитдаги Президент нутқи 13 октябрь куни ЎзА томонидан эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Кун».
Ўзбекистон Президенти ўз нутқида Украинадаги қарама-қаршиликлар энг долзарб муаммолардан бири сифатида бутун дунёда, жумладан, собиқ иттифоқ ҳудудида муҳокама этиб келинаётганини таъкидлаб, Украина президенти Пётр Порошенконинг саммитга ташриф буюрмаганини қоралади.
«МДҲ давлат раҳбарларининг бугунги учрашувига бевосита тааллуқли бўлган яна бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Икки кун аввал бизнинг учрашувимизда Украина президенти жаноб Пётр Порошенко иштирок этиши ҳақидаги хабар муҳим янгилик сифатида тарқатилди. Бироқ, кеча кечқурун жаноб Пётр Порошенко учрашувга келмаслиги, унинг режалари ўзгариб қолгани хабар қилинди. Бизнингча, бундай қарорни маъқуллаб бўлмайди», — деди Ислом Каримов.
«Ўтган вақт мобайнида Пётр Порошенко Европанинг кўплаб мамлакатларида, айниқса, Брюсселда, бошқа давлатларда бўлди. Ҳолбуки, у МДҲнинг бугунги саммити мажлисида иштирок этиб, имкониятдан фойдаланиши мумкин эди», — деди Ўзбекистон Президенти.
«Дарвоқе, Украина ҳали МДҲ таркибидан чиққани йўқ. Шундай таассурот пайдо бўлмоқдаки, жаноб Пётр Порошенко иккиланиб турибди ва МДҲдан чиқиш фойдами ёки зарарми эканлигини ўзига аниқ тасаввур қила олмаяпти. Энг муҳими, у бугунги мажлисда иштирок этиб, ўз фикрини баён қилганида, Украина муаммосини ҳал этиш борасида биз учун аниқлик киритилган бўлар эди. Афсуски, бундай бўлмади», — деди Ислом Каримов.
Изоҳ (0)