Америкалик актёр, режиссёр ва продюсер Жорж Клуни 2018 йилги сайловларда Калифорния губернатори лавозимини эгаллашни, 2020 йилда эса Оқ уйга етиб боришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Сегодня» хабар беради.
Ғарб ОАВларининг сўнгги маълумотларига кўра, актёр Амаль Аламуддин билан турмуш қурганидан сўнг, унинг давлат раҳбари лавозимини эгаллаши учун имкониятлари икки баробар ошган.
Тўй маросимидан аввалроқ Буюк Британиянинг William Hill номли йирик букмекерлик идораси Клуни Обаманинг ўрнини эгаллашига 200 га 1 ставка қабул қилар эди. Бироқ никоҳ маросимидан сўнг, ставкалар 100 га 1 миқдоригача қисқарди, яъни актёр имкониятлари икки баробар ошди.
«Аввалига бу Клуни ва Аламуддин никоҳи атрофида пайдо бўлган ҳазил эди. Бироқ одамлар бунга жиддий қарай бошлагач, нархларни ўзгартиришимизга тўғри келди», — деди компания вакили. Кўпчилик сиёсий кузатувчилар фикрига кўра, миллионлаб мухлиси бўлган актёр сайловларда ҳақиқатан ҳам анчагина овоз тўплай олади.
Айни дамда Клунида рақиб бўлиш учун ҳамма нарса бор: у нафақат АҚШ, балки бутун дунёда машҳурдир. Агар Клуни президентликка ўз номзодини қўйса, кўпчилик унга овоз беради.
Хабар берилишича, актёрнинг ўзи аввалига Калифорнияга губернаторлик қилиб, Оқ уйга 2020 йилда боришни мўлжалламоқда.
Изоҳ (0)