Хитойнинг Хубей провинциясида жойлашган Ичан шаҳрида товуқлар гўзаллик танлови ўтказилди. Ҳакамлар ҳайъати танловнинг финал босқичига етиб келган етти парранда ичидан Мей исмли товуқни ғолиб деб топди. Бу ҳақда Metro нашри хабар бермоқда.
Ҳакамлар ҳайъати финалда иштирок этган товуқларни патлари қалинлиги, тана мутаносиблиги, қадам ташлаши ва «алоҳида истеъдодлари»га қараб баҳолади. Ғолиб деб топилган товуқнинг эгаси Ганг Пен ўзининг паррандасида мутлақ гўзаллик акс этганини эътироф этиб, унинг ғалабасидан ҳайрон бўлмаганини маълум қилди.
Нашрда қайд этилишича, товуқ зафар қучишига унинг Хитой халқ қўшиғи остида ижро этган рақси ҳам сабаб бўлган.
Шундан сўнг, Мей исмли товуқ аукционда 800 доллардан кўпроқ пулга сотилди. Мазкур маблағ хайрия ишлари учун йўналтирилди.
Маълумот учун, ҳайвонлар ўртасида гўзаллик танловларини ўтказиш ғайриоддий ҳодиса эмас. Хусусан, август ойи ўрталарида Екатеринбургда шундай мусобақа ташкил этилиб, энг чиройли от аниқланган эди.
Изоҳ (0)