Тошкент шаҳар Сергели туманидаги шифохонада тиббий кўрик вақти беморига шаҳвоний шилқимлик қилган шифокорга чора кўрилди. Бу ҳақда Олий суд “Дарё”га хабар берди.

Суд ҳужжатида келтирилишича, 17 июль куни соат 19:00 ларда Сергели туманида жойлашган мазкур муассасада ишловчи З.Э. бемор С.А.ни кўрикдан ўтказиш баҳонасида унинг хонасига кириб, кўкракларидан ушлаган ва ўпиб шаҳвоний шилқимлик ҳаракатлари содир этган.
Бемор ички ишлар органларига мурожаат қилганидан сўнг ҳолат бўйича суд мажлиси ўтказилди. Шифокор қилган ишидан пушаймонлигини билдирган, бемордан ва унинг онасидан узр сўраганини таъкидлаган.
Суд уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 411-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топди ва унга шу модда билан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Ўзбекистонда 4 ойда зўравонликка учраган 2 317 нафар хотин-қизга ёрдам кўрсатилди.
Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида 60 ёшли эркак 6 ёшли қўшнисига тегажоғлик қилганликда айбланаётгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Андижонда мактаб директори ўринбосари ўқувчи қизларга тегажоғлик қилаётгани айтилган, Тошкентда метро вагонида нотаниш қизга шилқимлик қилган эркак беш суткага қамалган эди.
Тошкент шаҳар Юнусобод туманида ўқитувчи эркак собиқ ўқувчисини дўстининг олдида ҳақоратлаб, тегажоғлик қилган эди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги рассомчилик мактаби ўқитувчиси дарс пайтида ўқувчи қизга шилқимлик қилгани учун 5 суткага қамалганди.
Июль ойида эса Наманганда йўловчига шилқимлик қилган Damas ҳайдовчиси 3 суткага қамалганди.
Изоҳ (0)