Баскетбол бўйича Қатар аёллар терма жамоаси Осиё ўйинларидаги иштирокини давом эттиришдан бош тортди, дея хабар бермоқда «РИА Новости».
Қатар Миллий олимпия қўмитаси вакилининг айтишича, мамлакат жамоасига майдонга ҳижоб кийиб чиқишга рухсат берилмаган. Ислом дини аёлларга очиқ бош билан юришни тақиқлайди, спортчи аёллар ҳам бундан мустасно эмас.
Мусобақада Мўғулистон билан бўлган ўйинга ҳижобда чиққани учун қатарлик баскетболчи қизлар ҳисобига техник мағлубият қайд этилиб бўлди. Қатарнинг кейинги рақиби Непал термаси бўлиши керак эди.
Эслатиб ўтамиз, Осиё ўйинлари Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Мусобақалар 19 сентябрдан 4 октябрга қадар давом этади.
Изоҳ (0)