Тошкент шаҳридаги «Флешка» савдо мажмуасида янги Nokia X2 смартфонининг сотуви бошланди. У Nokia бренди остида ишлаб чиқарилган сўнгги смартфонлардан бири бўлиши мумкин. Бу ҳақда Mobinfo.uz сайти маълумотига асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.
Nokia X2 Android операцион тизимида ишлайди ва олдинги Nokia X ҳамда Nokia XL смартфонларидан катта фарқ қилади. У кристал дизайнда ва унда Nokia X’дан фарқли Home тугмаси ўрнатилган.
Янги смартфонда 4,3 дюйм 480×800 пикселли дисплей, 1,2 ГГц частотага эга икки ядроли Snapdragon 200 процессори, 0,3 мегапикселли олд ва 5 мегапикселли орқа камера, 1 Гб тезкор хотира (Nokia X’да 512 Мб), 1800 мА·соат қувватга эга батарея ўрнатилган.
Унинг ўлчамлари 121,7×68,3×11,1 миллиметрни, оғирлиги эса 150 граммни ташкил этади. У иккита SIM-картада ишлай олади.
14 сентябрь ҳолатига кўра Nokia X2 смартфони «Флешка» савдо мажмуасида 530 000 сўмдан сотилмоқда. Nokia X смартфонини эса 400 000 сўмдан сотиб олиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Microsoft компанияси янги ишлаб чиқариладиган маҳсулотларида Nokia бренди номидан фойдаланмаслиги мумкин. Шунингдек, компания Windows Phone операцион тизимини ҳам Windows дея номлаши кутилмоқда.
Изоҳ (0)