Туркиядаги энг йирик шаҳар — Истанбулда маҳаллий полициячилардан бири ортидаги киши кўприкдан сакрамоқчи бўлиб турган вақтда селфи олиб, қўлга тушди. Шафқатсиз ва ўзига бино қўйган тартиб посбонини жиноий иш кутмоқда, дея хабар берди Hurriyet Daily News.
Фожиа Истанбулдаги Босфор кўпригида содир бўлди. Исми ошкор қилинмаётган киши ўз жонига қасд қилмоқчи бўлди. Воқеа жойига тартиб посбонлари етиб келиб, уч соат давомида фуқарони кўприкдан сакрамасликка кўндиришга уринди. Ҳамкасблари одам ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қилаётган бир вақтда тезкор хизмат ходимларидан бири ўз-ўзини суратга тушириб, кўнгилхушлик қилди.
Афсуски, тартиб посбонлари эркакни ўз ҳаётини сақлаб қолишга кўндира олмади. Шунча тушунтиришларга қарамай, у барибир 64 метр баландликдан сакради. Туркия фуқаросининг жасади қирғоқ қўриқчилари томонидан топилди.
Истанбул полициячисининг шов-шувли селфиси ижтимоий тармоқлар бўйлаб шиддат билан тарқалиб кетди. Айни пайтда ҳукумат беадаб полиция ходимига нисбатан жиноий иш қўзғаган.
Изоҳ (0)