Ливия пойтахтидаги АҚШ элчихонаси радикал гуруҳлар томонидан эгаллаб олинди, дея хабар бермоқда ИТАР-ТАСС «Ал-Арабия» телеканалига таяниб.
Дипломатик ваколатхонадаги жангарилар қўмондонларидан бирининг айтишича, улар бундан бир ҳафта аввал, июль охирида муассасанинг америкалик ходимлари қўшни Тунисга эвакуация чоғида уни тарк этганидан бир ой ўтиб, мажмуани қўлга олган.
Триполида ақидапарастларга қарши уруш эълон қилган қувғиндаги генерал Хафтар қўллаб-қувватлаётган «Зинтан» гуруҳи ва ақидапараст гуруҳлар ўртасида халқаро аэропорт учун жанглар экстремистлар фойдасига ҳал бўлгач, объект эгаллаб олинган.
Интернетга жойланган видеоёзув гувоҳлик беришича, ақидапарастлар АҚШ дипломатик миссияси ҳудудидаги турар жой қисмида хўжайинлик қилмоқда. Ўнлаб ёш йигитлар у ерда қурол билан сайр қилиб юрибди.
28 июль куни Ливиядаги АҚШ дипломатик миссияси Тунисга эвакуация қилингани ҳақида хабар берилган эди. АҚШ давлат департаменти раҳбари Жон Керри элчихона яқинида содир бўлаётган зўравонликдан хавфсираётганликларини билдирган эди. «Вазият бизнинг ходимларимизга хавф солмоқда. Шу туфайли Ливиядаги элчихонамиз фаолиятини вақтинчалик тўхтатишга қарор қилдик», — деган эди у.
Изоҳ (0)