Қурғоқчилик ва ҳаддан ташқари жазирама Қирғизистон ҳудудида ўрмон ва тоғ ёнғинларини келтириб чиқарди. Сўнгги суткалар ичида 27 та ёнғин қайд этилди, дея хабар берди «Новый век» нашри республика фавқулодда вазиятлар вазирлигига таяниб.
Қирғизистон гидрометеорология маркази хабарига кўра, 24 август, якшанба куни республика ҳудудида ҳарорат бўйича рекорд ўрнатилган — термометр устуни сояда 39 даражани кўрсатган. Синоптиклар сешанба куни республикада ҳарорат бироз пасайишини, бироқ 29 августдан кейин жазираманинг яна бир тўлқини кутилишини башорат қилмоқда.
ФВВ гидрометеорология агентлиги маҳаллий ҳукумат органларини ёнғиннинг олдини олиш тадбирларини ўтказишга чақирмоқда. «Қурғоқчилик сентябрь ойида ҳам давом этиши кутилмоқда, шу туфайли маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари, ўрмон хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги вазирлиги ходимлари, айниқса эҳтиёт бўлиши керак», — деди агентлик директори Зарилбек Итибоев.
Республика ҳудуди бўйлаб ёнғинлар содир бўлиш ҳоллари хабар берилмоқда. Сўнгги суткалар давомида 29 та ёнғин бўлинмалари ёнғинларни бартараф этишда қатнашган.
Вазирлик ҳаддан ташқари юқори ҳаво ҳарорати одамлар саломатлигига зарар етказиши ҳақида огоҳлантириб, фуқаролардан кучли зарурат бўлмаса, кўчага чиқмасликни сўрамоқда.
Шунингдек, Қирғизистон ОАВлари балиқ хўжаликларидаги кўл ва ҳавзалар саёзланиши натижасида балиқлар нобуд бўлаётганини хабар қилди.
Изоҳ (0)