Миллий матбуот марказида «Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компанияси томонидан Ўзбекистон енгил саноат соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва уни янада ривожлантириш истиқболларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Бугунги кунда енгил саноатнинг Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотидаги улуши 2,7 фоиз, саноат маҳсулотлари ҳажмида 26,2 фоиз, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда эса 44 фоиздан ортиқни ташкил этади.
Айни пайтда пахта толасини қайта ишлаш ҳажми 44 фоизга етди. Маҳсулот экспорти ҳажми 130 баробар ўсиб, жорий йил якуни бўйича бир миллиард долларга етиши кутилмоқда.
«Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компанияси ўз фаолиятида чет эл инвестицияларини жалб этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўтган 23 йилда жалб этилган бундай инвестициялар ҳажми 1,8 миллиард долларни ташкил қилди. Бунинг самарасида 150 дан ортиқ йирик инвестиция лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилди. Сўнгги икки йилда 35 саноат корхонаси фойдаланишга топширилди ва 11 мингдан зиёд иш ўрни яратилди. Йилига 16 минг тонна ип ишлаб чиқариш қувватига эга «ДЕУ Бухоротекс», 15 минг тонна ип ишлаб чиқарадиган «Индорама Қўқон текстил», лентали, тароқли ва чамбаракли йигирув машиналари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган «Ритер Ўзбекистон» хорижий корхоналари шулар жумласидандир.
«Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компаниясидан олинган маълумотларга кўра, бугун унинг таркибида фаолият юритаётган 300 корхонанинг 200 таси кичик корхонадир. Улар йилига 450 минг тонна ип, 160 миллион погон метр тўқимачилик маҳсулотлари, 60 минг тонна трикотаж полотно, 180,3 миллионта тикувчилик-трикотаж буюмлари ишлаб чиқаради.
Ўзбекистон мустақиллигининг 23 йиллиги арафасида компания 22 янги саноат корхонасини фойдаланишга топширишни режалаштирмоқда. Бу 2014 йил якунлари бўйича саноат маҳсулотлари ва халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш ҳажмини 23 фоизга ошириш имконини беради.
Соҳа мутахассислари истиқболдаги вазифалар ҳақида тўхталар экан, тайёр газлама ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар турини кенгайтириш, шунингдек, тикув ва тикувчилик-трикотаж тармоқларини ривожлантириш учун сунъий ва синтетик тола ҳамда калава ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилаётганини таъкидлади.
Изоҳ (0)