Германия пойтахти Берлинда Young Euro Classic XV Халқаро ёшлар мусиқа фестивали бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонлик бастакор Азиза Содиқова иштирок этиб, фестиваль нуфузли совринини қўлга киритди. Бу ҳақда Europe.newsru.ua хабар берди.
Берлиннинг амалдаги бургомистри Клаус Воверайт томонидан таъсис этилган нуфузли соврин ўзбек бастакорига унинг Brief Scherben («Мактуб парчалари») опуси учун топширилди.
Азиза Содиқова 1978 йилда Тошкентда туғилган. У ўзбекистонлик бастакор Толибжон Содиқовнинг набираси ҳамда дирижёр Олтин Содиқовнинг қизидир.
Азиза 5 ёшидан пианино ва бастакорликни ўргана бошлаган. Ҳозирги Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида, сўнг Ўзбекистон давлат консерваториясида мусиқа бўйича чуқур таълим олган. Ўзбекистон миллий университетида филологлик бўйича ҳам ўқиган. Шунингдек Англиядаги Бирмингем консерваторияси ва Лондондаги Trinity Laban мусиқа ва рақс консерваторияларида бастакорлик бўйича таълим олган.
У басталаган мусиқалар Ўзбекистондан ташқари, Австрия, Чехия, Франция, Грузия, Германия, Италия, Россия, Буюк Британия, АҚШ ва бошқа мамлакатларда ижро этилади.
Изоҳ (0)