Ўтган 23 йил давомида оналар ва гўдаклар ўлими уч баробардан кўпроқ камайди, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Маълум бўлишича, «Она ва бола скрининги» дастури амалга оширилиши натижасида туғма нуқсонли болалар туғилиши 2000 йилдан буён 1,8 марта камайган. Бугунги кунда мамлакатимиз болаларининг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади.
Бундан ташқари, сўнгги 5 йил мобайнида нонормал ривожланган болалар туғилиши 1,3 баробарга камайди. 6—15 ёшгача бўлган болалар ўртасида ўткир респиратор вирус инфекциялари билан касалланиш – 9,7 фоизга, пневмония билан – 49,1%, бронхит билан – 32,8%, сколиоз билан касалланиш – 32,7 фоизга пасайган.
«Шуни ҳам айтиш керакки, соҳа ривожи учун давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар йилдан йилга кўпайиб бормоқда, — дейилади вазирлик хабарида. — Агар 2012 йилда соҳа ривожи учун давлат бюджетидан 2,8 триллион сўм маблағ ажратилган бўлса, 2013 йилда ушбу кўрсаткич 3,4 триллион сўмга етди. Жорий 2014 йилда эса соғлиқни сақлаш тизимини янада яхшилаш мақсадида давлат бюджетидан 4,3 триллион сўм ажратилиши режалаштирилган».
2013 йилнинг ўзида соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилган инвестициялар ҳажми 2010 йилга нисбатан 3,8 баробар ошди. Бунинг натижасида 295 та тиббиёт объекти реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.
Изоҳ (0)