2014 йил бошидан буён Тожикистоннинг 19 мингдан ортиқ фуқаролари ўз фамилияларини миллий шаклга келтирди. Бу ҳақда мамлакат адлия вазири Рустам Шоҳмурод (аввал Рустам Менглиев) берган баёнотга асосланиб, «Новый век» хабар қилди.
Шу билан бирга, вазир уларнинг қанчаси давлат хизматидагилар экани ҳақида «аниқ маълумотга эга эмаслиги»ни таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон президентининг қизи Озода Раҳмонова ўз фамилиясидаги «-ов» русча қўшимчасини олиб ташлагани, энди унинг исм-шарифи Раҳмон Озода Эмомали шаклида ифодаланаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Мамлакат президентининг ўзи 2007 йилда шарифини «Раҳмонов»дан «Раҳмон»га ўзгартирган эди. У буни «маданий меросни қайта тиклаш» нияти билан изоҳлади. Баъзи мансабдор шахслар ҳам унинг изидан бориб, «тожикча» фамилияга ўтишди.
Тожикистон бош прокурори Шерхон Салимзоданинг маҳаллий матбуотда эълон қилинган мақоласидан сўнг Тожикистонда фамилияларни «дерусификация» қилиш қайтадан авж олди. Бош прокурор ўз мақоласида миллий исм-шарифга эга бўлишни истамаётган ёшларни танқид қилган.
Бундан кўп ўтмай, ҳукуматнинг баъзи аъзолари ўз шарифларини ўзгартирди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги вазири Қосим Роҳбарович Қосимов Қосим Роҳбарга, соғлиқни сақлаш вазири Нусратулло Салимов Нусратулло Файзуллога айланди.
Изоҳ (0)