Россия президентининг қизи Мария Путина ўз эри — Россия консалтинг фирмасида катта лавозимда ишлайдиган Йоррит Фаассен билан Нидерландияда истиқомат қилиши маълум бўлгач, нидерландияликлар унинг депортация қилинишини талаб эта бошлади. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.
23 июль куни «аксилпутинчи» фаоллар Twitter’га Путиннинг қизи манзилини жойлаб, халқни унинг уйи ташқарисида намойиш уюштиришга чақирди.
Украинадаги «Боинг» авиаҳалокатида қурбон бўлганларнинг оила аъзолари Путиндан норози эканини айтиб, ҳалок бўлганларнинг жасадларини сўнгги бир неча кун давомида қўриқлаш учун ўз қўшинларини юбормаганини қоралади. Бироқ улар бунга унинг қизи алоқадор эмаслигини таъкидлади.
Нидерландиянинг Хилверсум шаҳри мэри эса радиога берган интервьюсида Мария Путинани мамлакатдан депортация қилиш талаби билан чиқди.
Кейинроқ у ўзининг «номаъқул» гаплари учун узр сўради.
28 ёшли Мария Путина 2009 йилда ҳозир 34 ёшда бўлган Фаассенга турмушга чиққан. Бироқ бу ҳақда расмий маълумотлар йўқ.
Изоҳ (0)