АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Регламент қўмитаси келаси ҳафта мамлакат президенти Барак Обамани хизмат ваколатини суиистеъмол қилгани учун жавобгарликка тортиш масаласини овозга қўйиш борасида келишиб олди. Бу ҳақда 24 июль, пайшанба куни Politico хабар берди.
«Қонунлар – президент ўз хоҳишига кўра танлаб олиши мумкин бўлган таклифлар рўйхати эмас», — деди қўмита раиси, республикачилар партияси вакили Пит Сешнс (Pete Sessions). Унинг сўзларига кўра, «тизим бошқача ишлайди».
Манбанинг сўзларига кўра, Обама ўз сиёсатини фармонлар ёрдамида олиб бормоқда. Хусусан, президент энг кам иш ҳақи миқдорини ошириш масаласида Конгресс қўллаб-қувватловига эриша олмаганидан сўнг, бу ҳақдаги қарорни ўзи мустақил равишда қабул қилганди.
Агар Вакиллар палатаси даъвони тасдиқласа, у федерал судга юборилади ва ҳужжатнинг юридик кучга эга-эга эмаслигини суд белгилайди. Судья ижобий жавоб берган тақдирда, талаб Обаманинг маъмуриятига йўналтирилади. Ушбу жараён бир неча ойларга чўзилиши мумкин.
Аввалроқ, Демократик партиядан сайланган АҚШ президенти Обама билан Конгресс Вакиллар палатаси спикери, Республикачилар партияси аъзоси Жон Бейнер (John Boehner) судлашмоқчи эканлиги маълум бўлганди. У давлат раҳбарини хизмат ваколатини суиистеъмол қилаётгани ва давлатнинг бошқа қонунларини бузаётганликда айблаганди. Ўшанда сиёсатчи унинг даъвоси президентни импичмент ёқасига олиб келишга уриниш эмаслигини маълум қилганди.
Ўз навбатида, Оқ уй матбуот котиби Жон Эрнестнинг маълум қилишича, Обама қонунларга риоя этади, республикачилар эса, унинг фикрича, бор-йўғи президентнинг сиёсатидан норози бўлганликлари учунгина унга қарши даъво беришмоқчи.
Изоҳ (0)