Тожикистонда яқинда ёпиб қўйилган «Одноклассники» ўрнига янги маҳаллий ижтимоий тармоқ — vipnet.tj ишлашни бошлади. Бу ҳақда ўзини янги сайт яратувчи деб таништирган Ғанижон Саломзода хабар берди, деб ёзади Interfax.
Унинг сўзларига кўра, янги тармоқ бошқаларидан экстремистик материаллар ва қўпол жумлалар ишлатиш тақиқлангани билан ажралиб туради. «Бир фойдаланувчи томонидан иккинчисига юборилган бундай сўзлар ўз эгасига етиб бормайди», — деди Саломзода.
Сайтда «Тожикистон Республикаси асосларига зид бўлган» маълумотлар, «ислом дини қонунчилигини бузувчи» мазмундаги фото ва видеолар, шунингдек муаллифлик ҳуқуқига зид ахборотларни юклаб қилиш ман қилинган.
Экспертлар фикрича, Тожикистондаги энг оммабоп бўлган ва республикадаги интернет фойдаланувчиларининг учдан бир қисми — 400 мингга яқин киши фойдаланадиган «Одноклассники» тармоғининг ёпилишига Сурияда ҳукуматга қарши кучлар орасида жанг қилаётган тожикистонликлар томонидан видеолар жойлангани сабаб бўлган. Ушбу роликларда улар тожикистонликларни Сурияга келиб, «жиҳод»да қатнашишга чақирган.
Бундан ташқари, жорий йил бошида Душанбеда мактаб ўқувчиларининг «Одноклассники»да гап талашиб қолиши натижасида 16 ёшли ўспирин ўлдирилган эди.
Изоҳ (0)