БМТ Хавфсизлик кенгаши Украина шарқида қулаб тушган Malaysia Airlines компанияси лайнери бўйича резолюция қабул қилди. Ҳужжатда бир қанча талаблар мавжуд, уларнинг бир қисми Украинадаги айирмачиларга қаратилган, дея хабар беради Newsru.com.
Резолюцияда «Боинг-777» қулаган ҳудудни назорат қилувчи гуруҳлардан у ерга ЕХҲТ ва бошқа тегишли халқаро ташкилотлар вакилларини қўйиш талаб этилган. Хавфсизлик кенгаши бу билан ҳалокат бўйича холис халқаро тергов олиб борилишига йўл очиб бермоқчи.
Шу мақсадда авиаҳалокат ҳудудида барча ҳарбий хатти-ҳаракатлар тўхтатилиши сўралган.
Бундан ташқари, Хавфсизлик кенгаши «Боинг» қулашида айбдор бўлганларни жавобгарликка тортиш талаби билан чиққан.
Ҳужжат Кенгаш томонидан бир овоздан маъқулланди.
Эслатиб ўтамиз, «Боинг-777» Тошкент вақти билан 17 июль, пайшанба куни 20:00 да Донецк вилояти ҳудудида ҳалокатга учради. самолёт қулаши натижасида бортдаги барча 298 киши ҳалок бўлган.
ОАВлар аввалроқ Украина шарқида ҳаракат қилаётган россияпараст айирмачилар ихтиёрида юқори баландликда парвоз қилаётган самолётларни уриб тушириш имконини берувчи қурол пайдо бўлгани, самолёт айнан ўша орқали уриб туширилгани ҳақида хабар тарқата бошлади.
Кейинроқ Америка разведкаси Донецк яқинида ҳалокатга учраган Малайзиянинг «Боинг-777» лайнери «ер — ҳаво» синфидаги ракета билан уриб туширилганини тасдиқлади.
«Боинг-777» қулаган жойда қора қутилар топилди. «Донецк халқ республикаси» раҳбари Александр Бородай МH-17 рейсининг иккита қора қутилари Донецкда эканини айтди.
Унинг сўзларига кўра, Донецкдаги қора қутилар Фуқаролик авиацияси халқаро ташкилоти расмий вакилларига берилади.
Изоҳ (0)